Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда Туркманистон миллий кўргазмаси ва ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Икки давлат вазирликлари, савдо-саноат, инвестиция ва бошқа тадбиркорлик соҳаларида фаолият юритувчи компаниялар раҳбарлари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон – Туркманистон ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик йўналишидаги алоқаларни келгусида янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А. Икромов, Туркманистон Савдо-саноат палатаси раиси Ў. Гурбанназаров ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасида манфаатли ҳамкорлик муносабатлари янги босқичда ривожланаётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари чоғида эришилган келишувларнинг биргаликда амалга оширилаётгани муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Ишбилармонлар учрашуви чоғида икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича масалалар муҳокама қилинди.
Туркманистон ишбилармон доира вакиллари Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни қўллаб-қуватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, мамлакат иқтисодиётининг инвестицион жозибадорлигини ошириш борасида амалга оширилган ишлар, эркин иқтисодий зоналарда инвесторлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Мамлакатда иқтисодиётнинг турли тармоқларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар самарадорлигини юқори баҳолади.
2017 йилда мамлакатлар ўртасида товар айланмаси 177,3 миллион долларни ташкил этди. Бугун Ўзбекистонда туркманистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда 11 корхона фаолият юритмоқда. Улар савдо ва хизмат кўрсатиш, тўқимачилик саноати, мебел ишлаб чиқариш каби соҳаларни қамраб олган.
Туркманистон миллий кўргазмаси ва бизнес-форумда нефть-газ, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, туризм, саноат ишлаб чиқариш, тўқимачилик каби соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича истиқболли келишувларга эришилиб, 250 миллион доллар қийматидаги шартномалар имзоланди. Бу каби тадбирларни мунтазам ўтказишга келишиб олинди.
Изоҳ (0)