Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 18 апрель куни мамлакатда ташриф билан бўлиб турган Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва хонимни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари мустаҳкамланиб, стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётганини чуқур мамнуният билан таъкидлади.
Суҳбатда 2017 йил ноябрь ойида Жанубий Кореяга олий даражадаги тарихий ташриф ҳамда унинг якунида эришилган муҳим келишувлар Ўзбекистон – Жанубий Корея ўзаро манфаатли ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва аниқ амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилгани алоҳида қайд этилди.
Учрашувда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари ҳамда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Ин томонидан Корея яримороли ва бутун минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган сиёсатни тўлиқ қўллаб-қувватлаши таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев режалаштирилаётган олий даражадаги учрашувлар икки давлат ўртасидаги муносабатларда муҳим аҳамият касб этиши ва янги истиқболли келишувларга эришишни таъминлашига ишонч билдирди.
Ташқи ишлар вазири Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Меҳмон Жанубий Корея Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция якунларини юксак баҳолашини, ушбу анжуман, шубҳасиз, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга муҳим ҳисса бўлиб қўшилишини таъкидлади.
Вазир Ўзбекистон Президентига Жанубий Корея фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этиш тўғрисида қабул қилинган қарор учун самимий миннатдорлик билдирди, бу сайёҳлар оқимини салмоқли даражада ошириш ва ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилаётганини қайд этди.
Учрашув сўнггида Кан Гён Хва Жанубий Корея икки томонлама стратегик шериклик муносабатлари ва кенг кўламли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини таъкидлади.
Изоҳ (0)