Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Шуҳратнинг 100 йиллик юбилейи муносабати билан ўтказилган тадбирда адибнинг ижод ва ҳаёт йўли билан боғлиқ хотиралар ёдга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Уюшма раиси С. Саййид, академик Н. Каримов, Ўзбекистон санъат арбоби И. Ғафуров ва бошқалар атоқли адиб Шуҳратнинг ўзбек халқининг жанговар ҳаёти, қаҳрамонлиги, ватанпарварлиги, қийинчиликларга бардоши, келажакка умид уйғотувчи асарлари китобсеварлар ва навқирон авлоднинг маънавиятини юксалтиришда муҳим адабий ва маънавий бойлик бўлиб хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
Тадбир доирасида адибнинг китоблари, унинг ҳаёти ва ижодини акс эттирувчи фотосуратлар ҳам намойиш этилди.
Шуҳрат (Ғулом Алимов) 1918 йил 19 апрелда Тошкентнинг Ҳазрати Имом (Ҳастимом) маҳалласида туғилган. У эски ва янги мактабларда таҳсил олгач, аввал техникум, кейин эса институтда таҳсил олган. 1940 йили чоп этилган «Орзу ва қалб», «Меҳрол» достонлари ёш қалам соҳибининг илк китоблари эди. Ўша йили ҳарбий хизматга чақирилган Шуҳрат Иккинчи жаҳон уруши жангларида офицер сифатида хизмат қилиб, она Ватанимизни мардоновар ҳимоя қилди. Шундан бўлса керакки, кейинчалик жанггоҳларда ва қатағоннинг мудҳиш воқеалари Шуҳрат хотирасининг оғриқли нуқталари сифатида қаламга кўчди. Дардли мисралардан, бадиий деталларга ва ундан образларга ўтган бу оғриқлар адиб ижодининг асосий мавзуларига айланган эди.
Изоҳ (0)