Ҳозирги вақтда савдо ва кўнгилочар мажмуалари инсонлар кўп йиғиладиган масканлардан бири ҳисобланиб, маданий ҳордиқ олиш мақсадида ҳар бир ташриф буюрувчи фуқарони ушбу жойларда ёнғин содир бўлиши мумкинлиги хавотирга солиб қўйиши мумкин.
Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ҳар бир фуқаро савдо ва кўнгилочар мажмуаларига келган вақтида, ундан зудлик билан бинони фавқулодда тарк этиш муаммоси юзага келиши мумкинлигини эътиборга олиб аҳамият бериши лозим бўлган ҳаракатланиш тартибини тақдим этди.
Мазкур савдо ва кўнгилочар мажмуаларига ташриф буюрилганда, босиб ўтилган йўл, қайси савдо дўконлар олдидан ўтиб кетганлиги, асосий ва захира чиқиш йўлларининг жойлашишларини эслаб қолиш, ушбу йўллар «ЧИҚИШ», «ВИХОД» ёки «EXIT» каби шартли белгилар билан кўрсатилган;
-савдо ва кўнгилочар мажмуаларида ёниш аломатлари ёки тутун ҳиди сезилганда, биринчи ўринда саросимага тушмаган ҳолда ўзингизни қўлга олинг ва хавфни тўғри баҳоланг;
-барча савдо ва кўнгилочар мажмуаларида ёнғинни автоматик тарзда сезиш ва товушли хабарлаш тизимлари ишга тушган вақтда бинода кўнгилсиз ҳолат юз берганлигини билдиради;
-зудлик билан бинода хизмат олиб бораётган хавфсизлик ва бошқа ишчи-ходимлари томонидан кўрсатилган йўналишлар орқали ҳаракат қилиниши лозим;
-агар ушбу савдо ва кўнгилочар мажмуаси сизга таниш бўлса, ўзингиз билган хавфсиз йўл орқали ёки кўринарли жойлардаги эвакуация режа чизмалари орқали бинони тарк этишга ҳаракат қилинг;
-бинодан хавфсиз жойга чиққанингизда, ёнғин ҳақида зудлик билан Ёнғин хавфсизлиги хизматининг 101 телефон рақами орқали бинони аниқ манзили ҳамда бино бўйича қисқача тафсилот ҳақида хабар беринг;
-тутун кўп чиқаётган ва ёнғин ўчоғи тарафига ҳаракатланманг;
-ёнғин содир бўлаётган бинонинг юқори қаватларига кўтарилманг, чунки ёнғиндан чиқаётган заҳарли ис гази (тутун) тепага кўтарилади, шунингдек бинодаги узоқда жойлашган хоналарга беркинишга ҳаракат қилманг;
-ёнғин вақтида бинодаги барча лифтлардан фойдаланманг, чунки ёнғин вақтида барча бино электр тармоқлари ўчирилади;
-ҳар бир фуқаронинг асосий эътибори нафас олиш йўлларини ёнғиндан ажралиб чиқаётган тутун ва заҳарли ис газларидан ҳимоя қилишга қаратилиши зарур бўлиб, бу ҳўлланган кийим, мато ёрдамида амалга оширилиши лозим, агар матони ҳўллаш имконияти бўлмаса, бундай ҳолатда қуруқ матодан ҳам фойдаланса бўлади;
-ёнғиндан чиқаётган заҳарли ис гази бинонинг тепа қисмларида тўпланишини ҳисобга олиб, имкони борича пастки йўналишга ҳаракат қилинг;
-ёнғин вақтида фуқароларнинг ваҳима ёки саросималари бошланган вақтда, гавжумликни олдини олиш учун, чиқиш йўналишга бир меъёрдаги тезликда ҳаракатланинг;
-агар йўллар тутунга тўлган ва кўриниш чекланган бўлса, девор ва зинапоялардаги тиркама мосламасини ушлаб ҳаракатланинг;
-агар чиқиш йўналиши тарафига ҳаракатланганингизда, иссиқлик ҳарорати кўтарилаётганини сезсангиз, орқага қайтинг ва бошқа захира йўлларни изланг;
-ҳаракатланаётган фуқаролар орасига тушганингизда, қўлингизни муштум қилиб, тирсак қисмидан букинг ва ёнингизга сиқинг, акс холда босимдан тананинг ҳар хил қисмларига тан жароҳати етказилиши мумкин;
-тана мувозанатини орқага ташлаб, оёғингиз билан олдига тиралинг ва орқадаги босимни пасайтиринг ҳамда олди йўлни бўшатиб, секин ҳаракатланинг;
-агар устингиздаги кийимингиз ёнаётган бўлса, асло югурманг, бу ҳолда аланга кучайишига олиб келади, бундай ҳолатда ёнғинни ўчириш учун зудлик билан кийимни ечишга ҳаракат қилиш, алангани уриб пасайтиринг, ерда думалаш ёки ёнаётган алангага ҳаво ва кислородни чеклаш учун зич мато билан ўралишингиз зарур;
-ёнғин ёки аланга таъсиридан куйиб баданга ёпишиб қолган кийим қолдиқларини танадан юлиб олманг, бу учун шифокорларга зудлик билан мурожаат қилишни унутманг.
Изоҳ (0)