Қуйи палатанинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда иккинчи ўқишга тайёрланаётган «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Семинарда хавфли зараркунандалардан юртимиз ҳудудининг ишончли ҳимоясини таъминловчи ички ва ташқи ўсимликлар карантини бўйича давлат тадбирларининг самарали тизимини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг мамлакат ичида тарқалишига йўл қўймаслик борасидаги ишларни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, соҳага доир камчиликлар таҳлил қилинди. Ҳозирги кунга қадар мамлакатимизда экспортга жўнатиладиган ҳамда карантин зараркунандалари, ўсимликлар касалликлари, бегона ўтлар ташувчиси бўлиши мумкин бўлган чет давлатлардан олиб кириладиган уруғлар, ўсимликлар, ўсимлик маҳсулотлари ва бошқа материалларни карантин текшируви ва экспертизадан ўтказиш бўйича лабораториялар йўқ. Ўсимликлар карантини соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг таъсирчан тизими мавжуд эмас, бунинг натижасида мутахассисларнинг касб маҳорати, иш кўникмаси оширилиши таъминланмаяпти.
Тадбир доирасида Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси фаолиятига оид кўргазма ташкил этилди. Унда ўсимликларни лаборатория текширувларидан ўтказиш жиҳозлари, соҳа мутахассислари учун тайёрланаётган махсус кийим-бош, транспорт воситаси намуналари ва бошқа техникалар намойиш этилди.
Изоҳ (0)