Норвегиянинг Лонгйир шаҳрида вафот этиш расман тақиқланган, деб ёзади Travel Ask.
Гап шундаки, бу шаҳарча дунёдаги энг шимолий аҳоли пунктларидан бири ҳисобланади. У Норвегиянинг қитъа қисми ва Шимолий қутб ўртасидаги Шпицберген архипелагида, абадий музлоқ ерларда жойлашган. Қутб кечаси бу ерда бир неча ойлар давом этади, ва одамлар узоқ вақт давомида қуёшни кўрмайди.
Ўлиш учун тақиқни 1950 йилларда жорий этишган. Ўшанда мутахассислар қабристондан 1918 йилда грипп пандемиясидан вафот этган одамларнинг жасадларини кавлаб олиб текширган. Улар умуман парчаланмаган бўлиб чиққан. Табиийки, вируслар ҳам ўлмаган. Бундан ташқари, жасадлар йиртқичларни, айниқса, оқ айиқларни ўзига тортади. Шундай экан, бу аҳолини хавфсизлантириш усули ҳамдир.
Шу сабабли, агар одам бир умр Лонгйирда яшаб келган бўлса-да, ўлимидан олдин Норвегиянинг бошқа қисмига кўчиб ўтиши шарт. Қоида ўлимга олиб келувчи касалликка чалинган ёки ярадор одамлар учун ҳам амал қилади: беморлар ҳаётининг сўнгги кунларини яшаш учун бошқа жойга юборилади.
Изоҳ (0)