Фарғона вилоятидаги божхона пости орқали Ўзбекистонга ҳаракатланаётган фуқаронинг эгнига яширилган гиёҳвандлик моддаси божхона ходимлари томонидан аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилмоқда.
Март ойнинг сўнги кунларида «Фарғона» чегара божхона пости орқали Қирғизистондан Ўзбекистонга кириб келаётган 1998 йили туғилган фуқаро Д.П.нинг хатти-ҳаракатлари шубҳали кўринганлиги боис ундан оғзаки равишда ёнида ноқонуний ашёлар бор ёки йўқлиги сўралди. Фуқаро шунчаки қўшни республикага чиқиб айланиб келаётгани ва ёнида ҳеч қандай тақиқланган нарса тугул ёнида қўл юки ҳам йўқлигини маълум қилди.
Шундан сўнг фуқаро холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, эгнидаги гуллар тасвири туширилган куртканинг ички чап чўнтагидан гугурт қутисига жойланган ўткир ҳидли оч-яшил рангли, экспертиза хулосасига кўра, соф оғирлиги 2,91 грамм марихуана моддасини олиб кираётгани аниқланди.
Маълум бўлишича, бу шахс гиёҳванд моддани истеъмол қилиш учун қўшни республикадан харид қилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона суриштируви ва тезкор қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)