9 апрель куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида мамлакатга ташриф билан келган БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Делегацияга FAO бош директори ўринбосари, Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Владимир Рахманин бошчилик қилмоқда, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.
Ташриф дастурига кўра Бухоро шаҳрида ипакчилик бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш, икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиш режалаштирилган.
ТИВда бўлиб ўтган суҳбат давомида таъкидланганидек, Ўзбекистон ва FAO ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатилганини томонлар юқори баҳолайди. 2014 йил июнь ойида ташкилотнинг Тошкентда ваколатхонаси очилганидан сўнг алоқалар фаоллашгани қайд этилди.
Ҳозирги вақтда ўзбекистонлик ҳамкорлари билан биргаликда FAO қатор миллий ва минтақавий лойиҳаларни амалга оширмоқда, булар ўсимликшунослик, ўрмончилик, уруғчилик, қурғоқчилик билан кураш, ер деградациясини олдини олиш, чўл биохилма-хиллигини сақлаш ва ундан барқарор фойдаланиш каби йўналишларни қамрам олади.
Музокараларда БМТнинг Саноат тараққиёти бўйича ташкилоти (ЮНИДО) билан биргаликда ипакчилик бўйича лойиҳани тайёрлаш ва амалга оширишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди, шунингдек, FAO’нинг 2018–2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон учун тайёрланаётган ҳадли дастури юзасидан фикр алмашилди.
Изоҳ (0)