Фарғона вилоятининг Боғдод туманида компьютер хатоси туфайли фуқарога электр энергиясидан 2 миллион сўм қарз ёзилди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг аралашуви билан хато бартараф этилди, деб хабар беради ЎзА.
М. Мирзаев электр энергияси тўловларини доимо амалга ошириб келаётгани учун маҳаллада қарзи бор қўшниларга коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб боришларини маслаҳат бериб юрар эди. Ногаҳон бир куни унинг уйига электр корхонаси ходими келиб электрдан 2 миллион сўм қарздорлиги борлигини айтиб, қўлига қарздорлик юзасидан хат ҳам берганида, қўни-қўшниларини олдида юзи шувит бўлаёзди.
Дарҳол бу масалага аниқлик киритиб беришини сўраб туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Мурожаат жамият мутахассислари ва тегишли ташкилотлардан ходимлар иштирокида батафсил ўрганиб чиқилганида, истеъмолчининг хонадонидаги фойдаланаётган электрон хисоблаш ускунаси янгидан ўрнатилган бўлиб, электрон хисоблагичнинг охирги кўрсатгичи ва тўлов варақалари бўйича ҳисоб-китоб қилинганида 2 миллион сўм қарздорлиги ўрнига 322 кваттга, яъни 65 784 сўм ҳақдорлиги борлиги аниқланди.
Корхона ходимларидан муаммонинг келиб чиқиш сабаблари сўралганида, ҳолат юзасидан компьютернинг нуқсони бўлиши мумкинлигини важ қилиб, аниқ бир сабаб кўрсата олмади.
Мурожаат Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутасаддилари томонидан ҳал этилди.
Изоҳ (0)