Huawei Tech Investment Tashkent компанияси Тараққиёт стратегияси маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг давлат органлари вакиллари учун Хитой Халқ Республикасига ташрифни ташкиллаштирди. Бу ҳақда UzReport ахборот агентлиги «Дарё»га маълум қилди.
Делегация таркибига ЎзР Ички ишлар вазири ўринбосари Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Рустам Жўраев, Тошкент вилоят ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Қобил Ҳамдамов, Тараққиёт стратегияси маркази ижрочи директори Акмал Бурхонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро масалалар ва парламентлараро алоқалар бўйича қўмитаси раиси Авазбек Жалилов ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ахборот тизимлари ва телекоммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ахборот-таҳлилий департамент сектори мудири Ботир Ҳакимов киритилди.
Huawei Technologies Co. Ltd бош идорасига ташрифнинг асосий мақсади келажакда Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва жамиятда рақамли трансформацияда қўлланилиши мумкин бўлган янги технологиялар билан танишиш ва тажриба алмашишдан иборат.
Ташриф доирасида «Хавфсиз шаҳар» дастури доирасидаги Суджоу ва Шень Чжень полиция бош маҳкамаси, шаҳар бунёдкорлиги ва ободонлаштириш соҳасидаги Huawei компаниясининг ечимлари, «Ақлли шаҳар» уй-жой коммунал соҳаси концепциясида АКТ дастурларини қўллаш ўрин олган. Меҳмонлар компаниянинг фавқулодда вазиятларни бошқариш, катта ҳажмдаги маълумотларни «булутли» технологиялар асосида сақлаш ва қайта ишлаш технологиялари билан танишиш имкониятига эга бўлади.
Ташриф беш кун давом этади ва унинг доирасида Huawei Tech Investment Tashkent Компанияси ва Тараққиёт стратегияси маркази ўртасида ўзаро манфаатли, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни кўзда тутган ҳамкорлик меморандуми имзоланади. Шунингдек, Huawei компанияси ва ХХР давлат вакиллари билан ушрашувлар режалаштирилган.
Изоҳ (0)