Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида Made in Uzbekistan миллий саноат кўргазмаси давом этмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Кўргазмада иштирок этиш учун Ашхободга Ўзбекистондан 70 дан ортиқ компания ва корхоналардан 250 нафар бошқарувчи ва мутахассислар делегацияси ташриф буюрди.
Экспозиция майдонида Ўзбекистоннинг тоғ-кон, металлургия, нефть ва газ, машинасозлик, электроэнергетика, тўқимачилик ва кимё саноати, қурилиш материаллари, маиший техника, озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корпорация ва компаниялар иштирок этмоқда.
Шунингдек, кўргазмада миллий автомобилсозлик, турли суғурта хизматлари ютуқлари ҳамда халқимизнинг маданияти, амалий санъат ва ҳунармандлигининг ўзига хослиги ва бетакрорлиги билан танишиш мумкин.
Кўргазмада «Ўзбекнефтгаз», «Ўзқурилишматериаллари», Навоий кон-металлургия комбинати, «Ўзкабел», «Ўзкимёсаноат» компаниялари томонидан юқори сифатли маҳсулотлар ва янги технологиялар тақдим этилмоқда.
Изоҳ (0)