«Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси якуни бўйича журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Афғонистон ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний нуфузли тадбир аҳамияти, мазмун-моҳияти, эришилган натижалар ҳақида маълумот берди, деб ёзади ЎзА.
Биз энг аввало, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдан ва ўзбек халқидан миннатдормиз.Биз туфайли Марказий Осиё минтақасида нотинчлик юз бераётгани, қўшни давлатлар тинчлигига раҳна солаётганимиздан ўзимиз ҳам ноқулай вазиятдамиз. Терроризм, зўравонлик, қурол-яроғ савдоси бизнинг энг оғриқли нуқтамиз ҳисобланади.
Шу боис бугунги кунда Афғонистондаги вазиятни бартараф этиш бўйича кўп қиррали ва мураккаб масалалар минтақа ва халқаро миқёсда кенг муҳокама қилинмоқда. Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий инқирозни ҳал этиш йўлларини топиш мақсадида ташкил этилган Қобул жараёни, Москва формати, Халқаро мулоқот гуруҳи, Истанбул жараёни каби кўп томонлама муҳокама жараёнлари алоҳида диққатга сазавор.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасини таъминлаш ва юртимизда тинчликка эришиш ниятида февралда биз Қобул жараёни доирасида «Толибон» ҳаракатининг «олдиндан шарт қўймаслик ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик» асосида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни бошладик. Улар зўравонликларга барҳам бериши ва афғон конституциясини қабул қилиши керак.
Бугун имзоланган декларацияни 6–7 та муҳим жойлари бор. Бироқ, қирқ йилки давом этиб келаётган уруш ва низоларни бирданига, бир кунда барҳам топиши осон эмаслигини қайд этишим керак. Шундай бўлсада, Тошкентда ўтаётган « Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференция ва бу ерда имзоланган декларация тез кунларда ўз самарасини беришига жуда ишонаман. Сўзимни якунида қардош Ўзбекистон ҳукуматига ва халқига ўз миннатдорчилигимни яна бир билдираман.
Салоҳиддин Раббоний, Афғонистон ташқи ишлар вазири
Деярли қирқ йилдан бери тинмаётган афғон урушида аслида ғолиб ҳам, мағлуб ҳам йўқ. Яъни бу мақсадсиз урушга нуқта қўйилмас эмас афғон муаммоси барҳам топмайди.
Тошкент конференциясига кўплаб давлатлардан, халқаро ташкилотлардан вакиллар келиб, афғон муаммоси бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирибгина қолмай, Афғонистонда тинч ҳаёт тикланиши ва унинг барқарор ривожланиши учун барча зарур ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини маълум қилди.
«Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида ўтказилган халқаро конференция доирасида Афғонистон бўйича Тошкент декларацияси имзоланди.
Конференция афғон муаммоси бўйича тўғридан-тўғри мулоқот қилиш майдонини яратди ва бу борадаги давомли жараённи бошлаб берди.
Эндиликда афғон халқи ҳам ушбу мақсад йўлида бирлашиши зарур. Мамлакат ҳукумати ва мухолифат қаерда, қачон учрашиши, музокарага киришишини ўзи ҳал қилиши керак. Ушбу масалада ташқи кучлар уларга халақит бермаслиги зарур.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев конференцияда қилган маърузасида ҳам бу масалага тўхталиб, »Ўзбекистон Қабул жараёни доирасидаги иккинчи мажлис иштирокчиларининг Афғонистон ҳукумати билан «Толибон» ҳаракатининг «олдидан шарт қўймаслик ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик» асосида тўғрида-тўғри музокаралар ўтказишни бошлаш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлайди», деб алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон Афғонистон билан ҳамкорлик алоқаларини изчил давом эттиради. Маданий, таълим ва иқтисодий соҳаларда афғон халқига ёрдам беради. Афғон ёшларини ўқитиш бўйича махсус жамғарма тузилади. Умуман айтганда, асосий мақсадимиз Афғонистонда тинчлик таъминланишига, афғон халқи фаровонлигига эришишдир.
Абдулазиз Комилов, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири
Изоҳ (0)