26 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шеннонни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Томас Шеннон Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун бугун Тошкент шаҳрига келган.
Учрашув чоғида икки томонлама муносабатларга оид турли масалалар, шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги муаммолар муҳокама қилинди.
Суҳбат асносида Афғонистондаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш борасида фикр алмашилди. Бу борада Ўзбекистон томонининг саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланди.
Томас Шеннон Тошкентда бўлиб ўтаётган халқаро конференцияга таклиф этилгани муносабати билан Ўзбекистон раҳбарига самимий миннатдорлик билдирди.
Учрашувда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен хоним ҳам иштирок этди.
Изоҳ (0)