Хатирчи туманини узумчиликка ихтисослашган намунавий туманга айлантириш мақсадида соҳага илғор агротехник тадбирларни жорий этиш борасида фермерларни ва томорқа эгаларининг касбий маҳоратларини оширишга эътибор қаратилмоқда, деб ёзади ЎзА.
Инновацион ривожланиш вазирлиги, Тошкент давлат аграр университети, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Навоий вилояти ва Хатирчи тумани ҳокимликлари ҳамкорликда «Узумчилик соҳасини ривожлантириш, мева ва сабзавотларни инновацион қуритиш» мини-технологияси мавзусидаги илмий-амалий семинар ўтказди.
Унда фермер хўжаликлари ва соҳа мутахассисларини узумчиликнинг амалдаги меъёрий-ҳуқуқий асослари ва илғор агротехнологияларни чуқур ўзлаштириш асосида касбий маҳоратларини ошириш, билим ва кўникмаларини шакллантиришга алоҳида тўхтаб ўтилди. Олимлар узум етиштириш, касаллик ҳамда зараркунандалардан ҳимоя қилиш, етиштирилган ҳосилни сақлаш ва қайта ишлаб қуритиш бўйича тақдимот ўтказди.
Семинар доирасида олимлар Тасмачи ҳудудида барпо этилган токзорда фермерлар, мутахассислар ва томорқа эгаларига токни парваришлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши профилактик чора-тадбирларни қандай тартибда ўтказишни кўрсатиб, маслаҳатлар беришди. Иштирокчиларга «Хатирчи тумани шароитида токзорлардан юқори ҳосил олишда амалга ошириладиган агротехник тадбирлар бўйича» тавсияномалар ва бошқа материаллар тарқатилди.
Изоҳ (0)