Ўз жонига қасд қилишга уринган шахсларга шошилинч ёрдам кўрсатиш тизими яратилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Жумладан, ўз жонига қасд қилишга уринган шахсларга туну-кун шошилинч ёрдам кўрсатилиши таъминланади. Ўз жонига қасд қилишнинг асл сабаблари ва шарт-шароитлари аниқланади. Ўз вақтида ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилади. Ўз жонига қасд қилишнинг ҳолати ҳақида психиатрия муассасалари зудлик билан хабардор қилинади.
Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланган Президент қарорида бу ўз ифодасини топди.
16 март куни қабул қилинган «Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда психатрия ёрдами кўрсатиш билан боғлиқ бошқа асосий йўналишлар ҳам кўрсатилган.
Хусусан, даволаш, профилактика ишлари ва руҳий ҳолатнинг бузилишини эрта аниқлашни ташкил этишнинг вертикал яхлит тизимини шакллантиришни таъминлаш орқали психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини самарали бошқариш механизми жорий этилади.
Мамлакатнинг ҳар бир аҳоли пунктида аҳолининг барча тоифалари, айниқса болалар ва ўсмирлар учун сифатли ва қулай психиатрия ёрдами таъминланади. Шунингдек, руҳий ҳолати бузилган шахсларни даволаш учун дори воситаларига сарфланадиган харажатларнинг ягона мажбурий нормативлари белгиланади.
Изоҳ (0)