Ўзбекистонда буюк қозоқ шоири Абай Қўнонбоевнинг «Сайланма» асари, шунингдек, «Ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари» номли адабий-таҳлилий мақолалар тўплами нашрга тайёрланади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Бу Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 13 мартдаги «Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида»ги қарори билан белгиланди.
Шунингдек, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида «Абай ва ўзбек адабиёти» номли доимий экспозиция ташкил этилади. Ҳар йили шоир туғилган 10 август санасида Тошкент шаҳрида ўрнатилган Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ва мушоира, ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида «Абай асарларининг билимдони» иншолар кўрик-танлови ўтказилади.
Оммавий ахборот воситаларида Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижоди ҳақида туркум кўрсатув ва эшиттиришлар, мақолалар бериб борилади.
Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижоди ҳақида яратилган бадиий ва ҳужжатли фильмларни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканаллари орқали намойиш этилади.
Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш тадбирлари уюштирилади.
Изоҳ (0)