Италия А сериясининг 28-тур беллашувлари ўз якунига етди. Мазкур тур Туриннинг «Ювентус» клубини ва ниҳоят пешқадамга айлантирди.
«Ювентус» кетма-кет олти мавсумдирки чемпионликни ҳеч кимга бермай келади. Бу сафар улар еттинчи чемпионлик учун қадам ташлай олди. Мазкур турда Пауло Дибаланинг дубли жамоага ғалаба келтирди. Жароҳатидан яқиндагина фориғ бўлган аргентиналик ҳужумчи туринликларнинг Чемпионлар Лигаси чорак финалига йўл олишида ҳам катта хизмат кўрсатганди.
«Милан» эса А сериядаги мағлубиятсиз сериясини 9 тага етказиб олди. Шу сериянинг 7 тасида Гаттузо жамоаси зафар қучишга эришди ва турнир жадвалида 6-ўринга кўтарилди. Бу поғона миланликларга келаси мавсумни ҳам Европа Лигасида ўтказиш имконини беради.
Мазкур турда икки клуб сўнгги дақиқаларда гол ургани эътиборга молик. Бирида айнан миланликлар ғалабани илиб кетган бўлса, иккинчисида Римнинг «Лацио» клуби мағлубиятдан қочиб қолишни уддалади.
Изоҳ (0)