Ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари олиб борган профилактик ишлар давомида одам савдосида айбланиб, Дубайга қочиб кетган паркентлик аёл мамлакатга қайтиб келишига эришилди. Бу ҳақда «Дарё»га Тошкент вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси хабар берди.
1977 йилда Паркент туманида туғилган Гулнора Мирсадиева Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси), 165-моддаси (товламачилик) ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда сиртдан айбланиб, сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган ҳолда унга нисбатан Паркент туман ИИБ томонидан 2012 йил 12 апрель куни қидирув эълон қилинган эди.
Қидирув ҳаракатлари давомида Г. Мирсадиева бир неча йилдан буён Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида яшаб юрганлиги, ўзига нисбатан қидирув эълон қилингани ва қамоққа олинишидан хавотирланиб, ўз юртига қайтиш ниятида эмаслиги аниқланди.
Туман прокуратураси, ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими ва жиноят-қидирув бўлими ходимлари ҳамкорликда Г. Мирсадиеванинг яқин қариндошлари билан бир неча бор профилактик суҳбатлар ўтказиб, Г. Мирсадиева ўз хоҳиши билан тергов органига келган тақдирда, унга нисбатан танланган қамоққа олиш эҳтиёт чораси бошқа турдаги эҳтиёт чорасига алмаштирилишига кафолат берилиши тушунтирилганлиги натижасида 9 март куни Г. Мирсадиева Ўзбекистонга қайтиб келишига эришилди.
Унга нисбатан 2012 йилда танланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат билан дастлабки тергов якунига қадар очиқликда қолдирилиши таъминланди. Ҳозирда Паркент туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)