Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Рустам Жўраев оммавий ахборот воситалари ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мулоқот давомида тараққий этаётган пойтахт хавфсизлигини таъминлаш борасида барча имкониятлар ишга солинаётгани қайд этилди. Пойтахтда ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари ташкил этилди. Фуқароларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятларга тезкор чоралар кўришни таъминлаш билан боғлиқ ишлар уларнинг алоҳида назоратида. Шунингдек, ташкил этилган 73 та ички ишлар бўлими зиммасига жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишни амалга ошириш учун жавобгарлик юклатилган.
Жиноятларга чоралар кўриш ва уларни фош этишда тезкорлик ва мувофиқлашган ҳамкорликни таъминлаш мақсадида «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастурий комплекси имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.
Бундай чоралар натижасида жорий йилнинг январь, февраль ойларида Тошкентда жиноятчилик 43,7 фоизга камайишига эришилди. Аниқроғи, 1063 жиноят содир бўлган, ўтган йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич 825 ни ташкил этган. Содир бўлган жиноятларнинг 90 фоизи очилган.
Пойтахт кўчалари, маҳаллаларида ўрнатилган 140 мингдан ортиқ видеокамера жиноятларни фош этишда қўл келмоқда. 200 дан ортиқ жиноятни содир этганлар шу усулда аниқланди.
Чорраҳаларда ҳосил бўлаётган тирбандликлар пойтахтнинг муаммоларидан бирига айланмоқда. Бунга вақтида чора кўриш мақсадида мотоциклли хизмат ходимлари фаолият юритяпди. Ҳозирча уларнинг сони ўнта бўлиб, улар тирбандлик ҳақида хабар келиб тушиши билан воқеа жойига зудлик билан етиб бориб, вазиятни барқарорлаштирмоқда.
Профилактика хизмати ходимларининг барчаси хизмат уйи ва автомашина билан таъминланган. Бу хизмат сифатини оширган. 176 маҳаллада жорий йилда бирорта ҳам жиноят содир бўлмаган. Аммо яртилаётган шароитларга қарамай соҳа ходимлари орасида қонунбузарликка йўл қўйиш ҳолати, афсуски, ҳамон учраб турибди. Шу йилнинг ўтган даврида ана шундай қилмиши учун уч нафар ходим жавогарликка тортилган ва ишдан бўшатилган.
Очиқ мулоқот давомида ички ишлар органлари ходимлари маънавиятини юксалтиришга оид ишлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди. Шунингдек, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари, уларни бериш тартиби, бу борада фуқароларга қулайлик яратиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш, йирик бозорлар атрофини тартибга солиш каби масалаларга оид саволларга жавоб қайтарилди. Наврўз байрамини тинч ва осойишта ўтказиш борасида қилинаётган ишларга тўхталиб ўтилди.
Изоҳ (0)