Халқаро пресс-клубда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги вакиллари иштирокида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Қутбидин Бурҳоновнинг сўзларига кўра, фуқароларга қулайликлар яратиш, ички ишлар органларини аҳолига яқинлаштириш орқали жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини тизимли ташкил этиш мақсадида ички ишлар бўлимларидан олисда жойлашган аҳоли пунктларида қўшимча 175 та ички ишлар бўлими ҳамда 824 та таянч пункти ташкил этилган. Профилактика инспекторлари сони 1102 нафарга оширилди, вазирлик ҳузурида Тергов департаменти, жойларда эса суриштирувчилар институти шакллантирилди.
2017 йилда мамлакатда аввалги йилга нисбатан жиноятлар сони 15,7 фоиз камайди. Ўтган йил давомида 1079 та маҳаллада умуман жиноят содир этилмади.
Патруль-пост ва йўл-патруль хизматлари стационар постларининг 74 таси тугатилди. Ўтган йилда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан 3,7 миллиондан ортиқ қоидабузарлик ҳолати аниқланди.
Изоҳ (0)