Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матнини ЎзА келтириб ўтди.

Фото: «Darakchi.uz»

Фармон жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида, шунингдек, 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида белгиланган вазифаларга мувофиқ қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилади.

Вазирликнинг марказий аппарати тузилмасида спорт фаолиятини ташкил қилишда асослилик, объективлик ва шаффофликни таъминлашга, шу жумладан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ажратилган давлат молиявий маблағларидан оқилона фойдаланилишини таҳлил қилиш, аҳолининг спорт хизматларидан қониқиш даражаси ва спорт хизматларидан фойдалана олиш шарт-шароитларини баҳолаш, шунингдек, коррупция ва бошқа суиистеъмолчилик ҳолатларини аниқлаш учун масъул бўлган Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мониторинг бошқармасини ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.

Бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларига бўйсунадиган ва Жамғарма ҳисобидан молиялаштириладиган туманлар (шаҳарлар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари тузилади.

Шунингдек, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти қошидаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази Вазирлик тасарруфига берилади, у Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Кўкча Дарвоза кўчаси, 27-уй манзилда жойлаштирилади, Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида унинг филиаллари очилади.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти негизида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ташкил этилади.

Бундан ташқари, жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда спорт кийими, анжомлари ва жиҳозларини ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналар фаолиятини ташкил этиш учун пойтахт минтақасида «Спорт» эркин иқтисодий зонаси яратилади.

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ҳамда оммалаштиришда, мамлакатнинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини оширишда алоҳида хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт соҳаси ходимлари ҳамда бошқа шахсларни тақдирлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт ходими» фахрий унвони таъсис этилади.

Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳолининг кенг қатламларини спорт билан шуғулланишга ва соғлом турмуш тарзини юритишга жалб этиш, жисмонан соғлом ўсиб келаётган авлодни тарбиялаш, спорт индустрияси ва инфратузилмасини ривожлантириш, олий спорт маҳорати соҳасида мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонида муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

вазирликлар ва идоралар жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари ҳамда клубларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, республика мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчилари ва инструкторлари фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарликни амалга ошириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари билан биргаликда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни оммалаштириш борасида кенг кўламли ишларни ташкиллаштириш;

болаларни спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб этиш, болалар спорт таълими сифатини ошириш, барча ҳудудларда, айниқса, қишлоқ ва чекка ҳудудларда болалар спорти объектлари тармоғини янада кенгайтириш орқали болалар спортини янада ривожлантириш;

Олимпия, Паралимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон, Осиё чемпионатлари ва бошқа халқаро мусобақа ва турнирларда муваффақиятли иштирокни таъминлаш учун истиқболли спортчиларни танлаш, тайёрлаш ва маҳоратини оширишнинг, улар орасидан мамлакат терма жамоалари сифатли спорт захираси ва таркибини шакллантиришнинг самарали тизимини яратишда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари (ассоциациялари) билан ҳамкорлик қилиш;

мамлакатимизда профессионал, оммавий спортни, шу жумладан спорт ўйинлари ва қишки спорт турларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, спорт тайёргарлиги жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, барча спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар даражаси ва сифатини ошириш, халқаро ва минтақавий мусобақалар ташкил этиш, носоғлом спорт рақобатига ва тақиқланган препаратлар ишлатилишига қарши тизимли чоралар кўришни рағбатлантириш;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ташкилотлари, объектлари ва иншоотларининг оммавий спорт, болалар спорти ва профессионал спорт йўналишлари бўйича моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, улардан максимал даражада ва самарали фойдаланилишини таъминлаш, спорт асбоб-ускуналари ҳамда инвентарларининг мамлакатимизда ишлаб чиқарилишини ташкил этиш ва кенгайтириш бўйича таклифлар тайёрлашда қатнашиш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ҳамда спорт ташкилотларини, таълим ва спорт-таълим муассасаларини юқори малакали тренерлар ва бошқа спорт мутахассислари билан таъминлаш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида халқаро ва давлатлараро спорт алоқаларини кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш борасидаги ишларни ташкил қилиш, оммабоп спорт дастурларини ташкил этишга кўмаклашиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид оммавий адабиётлар чоп этиш, видео ва кино материаллар тайёрлаш.