Тошкент вилоятининг Чиноз туманида маҳалла раисига нисбатан асоссиз равишда иш расмийлаштирган профилактика инспектори йирик миқдорда жаримага тортилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
72 ёшли Калмон оқсоқол 35 йил маош олмасдан, жамоатчилик асосида Тошкент вилояти Чиноз тумани «Ёввош» маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлади.
Бир сафар «Чиноз» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси ва унинг муовини қишлоқ фуқаролар йиғини таркибидаги «Ёввош» маҳалласи раиси Калмон Эргашев устидан шикоят ёзиб берди. Уларнинг шикоятларига кўра гўёки Калмон оқсоқол ўзбошимчалик билан маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб олган, йиғин муҳри ва штампини қалбакилаштирган. Бу бўйича Чиноз туман ички ишлар бўлими профилактика инспектори К.Ш. (исм-фамилия ўзгартирилган) текширув олиб борди ва ким ҳақ, ким ноҳақ эканини билмай туриб Калмон Эргашевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддаси билан ҳужжат расмийлаштирди ва уни судга оширди.
Калмон бобо ўзининг ҳақлигини исботлаш мақсадида сайлов ҳақиқатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни туман ҳокимияти архивидан топди. Чиноз тумани сайлов комиссияси раисидан ҳужжат нусхасини олди. Шундан сўнг жиноят ишлари бўйича Чиноз туман судининг қарори билан иш қайта суриштирувга берилди. Янгийўл туман прокуратурасининг текширувидан сўнг Калмон бобонинг ҳақ экани аниқланди.
Калмон бобо бу орада руҳан азоб чекди. Гарчи унинг ҳақлиги исботланган бўлса-да, унга нисбатан асоссиз маъмурий иш қўзғатилгани сабабли жавобгарлардан моддий ва маънавий зарар ундиришни ҳақида судга мурожаат қилди. Ундирувни 21-сонли умумтаълим мактаб фондига ўтказишни сўради.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманлараро судида мазкур иш бўйича очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Профилактика инспектори ҳақиқатдан ҳам суриштирув ишларини тўлиқ ўтказмай, шошма-шошарлик билан олиб боргани аниқланди. Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси томонидан К.Ш.га нисбатан хизмат текшируви ўтказилгани, натижада профилактика инспектори интизомий жазога тортилгани маълум бўлди.
Очиқ суд мажлисида жавобгар айбига тўлиқ иқрор бўлди. Судья Д. Мусаев ҳал қилувчи қарорни ўқиди. Қарорга кўра, жавобгар жабрланувчи фойдасига 1 миллион 200 минг сўм моддий зарар, 3 миллион сўм маънавий зарар ва 75 минг сўм давлат божи ундириладиган бўлди. Ундирув 21-сонли умумтаълим мактаби фондига ўтказилиши белгиланди.
Изоҳ (0)