Ҳиндистонда 3rd Rock мультимедиа продюсерлик компанияси катта мавқега эга бўлиб, бир қатор таниқли ҳинд санъаткорлари билан ҳамкорлик қилади. Ушбу компания томонидан суратга олинадиган видеомаҳсулотлар You Tube’да 30 миллионга яқин аъзоси бўлган Т-Series каналида намойиш этилади. Компаниянинг маркетинг бўлими раҳбари жаноб Раж Сурининг таъкидлашича, ҳиндистонлик қўшиқчиларнинг клипларини Ўзбекистонда суратга олиш, мамлакат туризми ривожига ўзининг ижобий таъсирини ўтказиши мумкин, деб ёзади «Ўзбеккино» миллий агентлиги матбуот хизмати.
«Ўзбекистонга келадиган ҳар бир ҳинд санъаткори бу ҳақда албатта ижтимоий тармоқларда маълум қилади. Уларни эса миллионлаб мухлислари доимо кузатиб боради», — дейди жаноб Сури.
Мумбайнинг Dimaz Agastyaa Productions Private Limited кинокомпанияси эса 1990 йиллардан бошлаб МДҲ мамлакатлари билан сайёҳлик, юк ташиш ва фильмлар суратга олиш соҳаларида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ушбу кинокомпания вакиллари Ҳиндистоннинг собиқ Бош вазири Лал Баҳодур Шастрининг ҳаётига бағишланган қисқа метражли фильмнинг баъзи лавҳаларини Ўзбекистонда суратга олиш таклифини билдирмоқда. Мазкур фильм Лал Баҳодур Шастрининг ҳаёти ва фаолиятини ўрганаётган ёш журналист ҳақида бўлиб, унда «Тошкент шартномаси» ва Лал Баҳодур Шастрининг Тошкент шаҳридаги вафоти ҳақида ҳикоя қилинади.
«Ўзбеккино» МА Бош директори Фурқат Зокиров Ўзбекистон ва Ҳиндистон республикалари ўртасида азалий дўстона алоқалар мавжудлиги, бунда айниқса кинематография соҳаси алоҳида ўрин эгаллашини қайд этиб ўтди.
Изоҳ (0)