Хитойнинг «Далянь Ифан» клуби Мадриднинг «Атлетико» клубига тегишли бўлган икки футболчи билан шартнома имзолади. Аввалроқ Хитойда трансфер бозорининг очилаётгани «Атлетико» бош мураббийи Диего Симеонени хавотирга солаётганди.
Клуб вакиллари берган маълумотга кўра, Николас Гайтан ҳамда Янник Феррейра Карраско фаолиятини Чин ўлкасида давом эттиради. Хитойликлар бу футболчилар учун қанча тўлаб бергани борасида аниқ маълумот йўқ. Аввалроқ Гайтан 18 миллионга, Карраско 30 миллионга тушиши борасида норасмий хабарлар чоп этилганди.
Бельгиялик Карраско «Атлетико» учун 124 та ўйинда иштирок этиб, 23 та гол уришга эришганди. Аргентиналик Гайтан эса Симеоне жамоасига 49 та учрашувда ёрдам берган. Карраско шу мавсумнинг ўзида чемпионатнинг 17 та ўйинида иштирок этиб, 3 та гол ургани инобатга олинса, у жамоанинг асосий фигураларидан бири эди.
«Атлетико» Испания Ла Лигасининг ортда қолган 25-туридан кейин фақатгина бир марта мағлуб бўлиб, «Барселона»дан кейин иккинчи бўлиб турибди. Каталонияликлардан 7 очко камроқ тўплаган жамоа, ҳамшаҳри «Реал»дан шунча кўп очкога эга.
Изоҳ (0)