Футбол бўйича Франция чемпионатининг 27-турида «ПСЖ» 2-ўрин учун курашаётган «Марсель»ни қабул қилди ва йирик ғалабага эришди — 3:0.
Беллашувда марселлик футболчилар 1 та голни автогол тариқасида тортиқ қилди. Қолган 2 тасини эса Килиан Мбаппе ҳамда Эдинсон Кавани урди. Неймар Каванининг голига узатма бергани билан ёдда қолди.
Бироқ Неймар учун 79-дақиқа омадсиз келди. У оёғига таянишда жароҳат олди ва стадионни кўзларидаги ёш билан тарк этди. Шифокорлар уни замбилда олиб чиқиб кетишган.
Бунгача бош мураббийи Унаи Эмери 3 та ўзгаришга қўл уриб улгурганди. Шу боисдан у Неймарнинг ўрнига ҳеч кимни тушира олмади. Парижликлар эса сўнгги 10 дақиқани бир киши камроқ бўлиб тугатиб қўйди.
Бразилиялик ҳужумчининг жароҳати қанчалик жиддий ёки жиддий эмаслиги ўрганиб чиқилмоқда. Мавсум аввалида «ПСЖ» уни рекорд сумма — 222 миллион еврога сотиб олганди. Неймар 7 март куни бўлиб ўтадиган «Реал»га қарши ўйинда майдонга туша оладими ёки йўқ — ҳозирча маълум эмас.
Изоҳ (0)