Ўзбекистон республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва ҳудудий солиқ хизмати органларида фаолият кўрсатаётган «ишонч телефон»лари ҳамда электрон хизматлар орқали фуқаролар, барча тоифадаги солиқ тўловчилар ва тадбиркорлик субъектларидан бўлаётган мурожаатлар, хат ва аризалар ўз вақтида қабул қилиниб, изчил ўрганиб, таҳлил этиб борилмоқда, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.
Хусусан, ўтган ҳафта давомида «ишонч телефон»лари орқали 102 та, шундан икки юридик ва 100 нафар жисмоний шахснинг мурожаати қабул қилинди. Ушбу мурожаатларнинг барчаси рўйхатга олиниб, белгиланган тартибда ижрога қаратилган.
Фуқаролар ва жамоатчиликнинг мурожаатлари юзасидан Давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилган солиқ назорати тадбирлари натижаларига кўра, ўтган ҳафта давомида 981 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган.
Ўтказилган профилактик ва тушунтириш ишлари натижасида тўғри хулоса чиқариб, ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этган ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 130 нафар тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ва якка тартибдаги тадбиркорлар маъмурий жавобгарликдан озод этилди.
Амалдаги қонунчилик талабларини қўпол равишда бузиб, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этган 851 нафар шахсга нисбатан 248,8 миллион сўм маъмурий жарима қўлланилди.
Изоҳ (0)