Андижон вилоятининг Избоскан туманида «Фаол тадбиркорлар» анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан «Президент ғоялари билан келажак сари» шиори остида ўтказилган анжуманда Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, давлат бошқаруви органлари, солиқ, банк тизими мутахассислари, партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, тадбиркорлар, фермерлар иштирок этди.
Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг эмин-эркин фаолият юритиши, хўжалик томорқаларидан унумли фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратиб берилгани, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Шунингдек, партия, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, қатор вазирлик ва идоралар томонидан жорий йил 13 февралда ўтказилган Ўзбекистон фаол тадбиркорлари анжуманида қабул қилинган «Ўзбекистон тадбиркорларига мурожаат» ўқиб эшиттирилди.
Анжуманда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, қилиниши зарур ишлар юзасидан фикр алмашилди. Тадбикорларни қийнаётган, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган қатор муаммолар тегишли идоралар мутасаддилари иштирокида шу ернинг ўзида ҳал этилди.
«Корхонамиз асосан брикет маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, — деди Избоскан туманидаги Nurislombek Great Style МЧЖ раҳбари Исмоил Абдурашидов. — Анчадан буён фаолиятимизни янада кенгайтириш ҳамда иссиқхона қуриш учун ер ажратилиши бўйича ҳаракат қилаётган эдик. Лекин турли сабабларга кўра, ушбу масала ҳал бўлмай келаётган эди. Бугунги анжуманда ушбу муаммо бўйича мутасаддиларга мурожаат қилдим. Корхонамизга 1 гектар ер майдони ажратиб бериладиган бўлди».
Анжуманда тадбиркор ва фермерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
Изоҳ (0)