Футбол бўйича Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг 2-туридан ўрин олган «Истиқлол» — «Ал-Ҳилол» ўйини 1 дақиқалик сукут билан бошланиши режалаштирилганди. Аммо саудиялик футболчилар сукут сақлашни истамаган.
Саудия Арабистони ва Эрон давлатлари ўртасидаги зиддият сабабли, уларга тегишли бўлган клубларнинг ўзаро ўйинлари нейтрал мамлакатда ўтказилади. Шунга кўра, «Истиқлол» клуби Саудиянинг «Ал-Ҳилол» жамоасини Теҳрондаги «Озоди» стадионида эмас, балки Уммон пойтахтида қабул қилди.
Бунгача Эрондаги қуюқ туман сабабли автоҳалокат рўй берган бўлиб, самолёт бортида бўлган 66 кишининг барчаси ҳалок бўлганди. Шундан келиб чиқиб, форслар учрашувни 1 дақиқалик сукут билан бошлашни сўраб, ОФКга мурожаат қилган. Саудиялик футболчилар буни тан олмагач, ҳакамлар уларни майдон марказига чақиришга уринган, бироқ бу иш бермаган ва рақиб томон ўз жойида туриб олган.
Маълум бўлишича, ўзбекистонлик Сервер Жепаров тўп сурадиган «Истиқлол» клуби бу борада ОФКга шикоят хати ёзган. Ташкилот бу мактубга ҳозирча расмий жавоб бериб улгурмаган. Қайд этиш керак, беллашувда эронлик футболчилар 1:0 ҳисобида ғолиб чиққанди.
Бунгача ЖЧ—2018 саралашидан ўрин олган Австралия ва Саудия Арабистони термалари ўртасидаги беллашувда ҳам шундай воқеа кузатилган бўлиб, саудиялик футболчилар Лондондаги теракт қурбонлари учун 1 дақиқа сукут сақлашни истамаганди. Кейинроқ Саудия Арабистони футбол федерацияси бу иш учун расман узр сўраган.
Изоҳ (0)