21 февраль куни Ўзбекистон ва Кувайт ҳукуматлари ўртасида олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим кучга кирди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжат 2017 йил 9 февралда ал-Кувайт шаҳрида имзоланган.
Битим олий таълим ва фан соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат олий таълим муассасалари (ОТМ) ва тадқиқот марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ҳужжатга кўра, томонлар талабалар ва тадқиқотчилар алмашинуви амалга оширади ва улар учун ҳар йили тегишли стипендиялар ажратади, шунингдек, Ўзбекистон ва Кувайт ОТМлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашади.
Битим араб тилини ўқитиш ва ўрганиш, манбаларни тадқиқ қилиш ва шарқ қўлёзмаларини сақлаш ишларида ўзаро ҳамкорликка кўмаклашади.
Битим асосида Кувайт ОТМларида араб тили ва адабиёти ўқитувчиларининг амалиёт ўташи орқали ҳамкорликни янада кенгайтириш, Ўзбекистон ОТМларида араб тили хоналари ва кутубхоналарини замонавий техника воситалари ҳамда араб тилидаги адабиётлар билан жиҳозлашда ўзаро ҳамкорлик қилиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)