Пхёнчхан шаҳрида давом этаётган қишки Олимпиада ўйинларида россиялик кёрлингчи Александр Крушельницкийнинг қонидан допинг топилди.
Антидопинг комиссияси Крушельницкийни икки қайта тестдан ўтказди ва ҳар икки сафар ҳам спортчининг допинг таҳлили ижобий кўриниш берди, яъни, унинг қон таркибида мельдонийа моддаси бор эди.
Бу маълумотни Россия спорт делегацияси расмийлари ҳам тасдиқлади. Аммо улар бу модда спортчининг организмига қандай қилиб тушиб қолганини тушунтириб бера олмаган. Ҳолат юзасидан текширув ўтказилади ва Россия олимпия қўмитаси айбдорларни жазолайди.
Александр Крушельницкий кёрлинг баҳсларида шериги Анастасия Бризгалова билан бронза медалларини қўлга киритганди. Энди мана шу медаллар Халқаро олимпия қўмитасига қайтарилади.
Айнан допинг инқилоби сабаб қишки Олимпиада ўйинларида Россия номи бўлмаслигига эришилганди. Яъни, россиялик беайб спортчилар Олимпиадада иштирок этишни истаса, улар олимпия байроғи остида мусобақаларга кириши ва ғолиб бўлган тақдирида олимпия мадҳияси билан чекланиши белгилаб қўйилганди.
Шунингдек, ХОҚ Россияни бунгача ўтказилган текширувлар учун сарф этилган маблағнинг бир қисмини тўлашга мажбур этди ва мақсадига эришди. Унга кўра, Россия томони антидопинг агентлиги ривожи учун 15 миллион евро тўлаб берди.
Изоҳ (0)