«Ёнғин хавфсизлиги ўн кунлиги» тадбири доирасида 21 февраль куни Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тадбирлар давомида Тошкент шаҳар ҳудудида жойлашган аҳоли турар жойларида, ташкилотларнинг ишчи ва хизматчилари ўртасида ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди. Бу ҳақда «Дарё»га ИИББ Ёнғин хавфсизлиги хизмати вакиллари маълум қилди.
Тадбир давомида Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган 52 та маскан, бино ва иншоотларнинг ёнғинга қарши ҳолати профилактик кўрикдан ўтказилди. Жараёнда 559 та ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилиши ҳолатлари аниқланиб, улардан 439 та камчиликлар жойида бартараф этилди. Ўтказилган ёнғин-техник текширувлар натижасига кўра, маскан ва муассаса раҳбарларига давлат ёнғин назоратининг ёзма кўрсатмалари тақдим этилди.
Шаҳар ҳудудида жойлашган аҳоли турар жойларидаги 6962 хонадонларнинг ҳар бирига тегишли органлар вакиллари ва маҳалла фаоллари билан биргаликда кирилиб, 26296 нафар фуқаролар билан тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди. Аниқланган камчиликларнинг келиб чиқишини ўрганиш ва уларни бартараф этиш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида саккизта йиғилиш ўтказилиб, 40 нафар фуқаронинг ҳаракатлари муҳокама қилинди.
Аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини кенгроқ тарғиб этиш мақсадида, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги корхона, ташкилотларда ҳамда аҳоли яшаш жойларида 75 та учрашув ташкил этилиб, уларда 3047 ишчи-хизматчи ва фуқаро қатнашди.
Изоҳ (0)