Google компанияси суратларни қидириш тартибидаги ўзгаришлар ҳақида маълум қилди, деб ёзади TJournal. Аввал тасвир устига босилганда view image («Тўлиқ ўлчамда очиш») тугмаси пайдо бўлар эди. У тасвирни алоҳида ва «тўғри» ўлчамда очиш имконини берар эди. Бироқ Google бу функциядан воз кечди.
Компания вакилларининг таъкидлашича, сурат жойлаштирилган сайтни очиш мумкин бўлган «Ўтиш» тугмаси қолдирилган. Шунингдек, энди суратларни қидириш натижаларида «сурат бўйича қидириш» функциясини танлаш имкони йўқ.
The Verge нашри тугмаларнинг олиб ташланиши Getty Images фотоагентлиги билан тузилган битимнинг бир қисми эканлигига эътибор қаратди. Google фойдаланувчилар суратларни қидириш орқали муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинган фотосуратларни осон ўғирлаши мумкинлиги учун мунтазам танқид қилинган.
Кўрилган чораларга қарамасдан, Google’да суратни тўлиқ ўлчамда очишнинг ҳамон бир нечта усули мавжуд:
- Суратларни қидириш натижаларида сичқончанинг ўнг тугмасини сурат устига босиш ва «Суратни янги иловада (вкладка) очиш» функциясини танлаш;
- Сичқончанинг ўнг тугмасини босиш ва «Сурат URL кўрсаткичидан нусха олиш»ни танлаб, уни манзил қаторига киритиш.
Изоҳ (0)