Чемпионлар Лигасининг чорак финали учун курашни давом эттираётган «ПСЖ» клуби президенти Носир Ал-Ҳалайфий Мадриддаги мағлубият сабабини қуйидагича изоҳлади:
Ҳисоб адолатли бўлмади. Ўйлашимча, иккинчи 45 дақиқаликда биз яхшироқ ўйнадик, бироқ хатога йўл қўйдик.Мбаппе оффсайдда қолди дейилганида, бу нотўғри қарор эди. Ҳакамларнинг адашишлари шу куни жамоамиз учун қимматга тушди. Улар «Реал»га ёрдам беришди.
Энди жавоб ўйини ҳақида ўйлаш керак. Ўз уйимизда, стадионимизда, мухлисларимиз кўз ўнгида барчасини ўнглай олишимизга ишонаман. Чорак финалга чиқиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Хуллас, Парижда «Реал»га осон бўлмайди.
Носир Ал-Ҳалайфий, «ПСЖ» президенти
Клуб президентининг бу фикрларини матбуот анжуманида бош мураббий Унаи Эмери ҳам тасдиқлади.
Менга Рамос жарима майдончаси ичида тўпни қўли билан ўйнаганини айтишди. Ўзим ўша вазиятни кўрмай қолдим, бироқ пенальти бор деб ишонтиришди. Чиндан ҳам шундай бўлса, ҳакам уни бериши керак эди.Бу ўзини оқлаш бўлиб кўринмасин, аммо ҳакамлар бу каби қарорлар қабул қилмаганида, биз бу ўйинни ютишимиз мумкин эди. Ҳозир эса ғалати ҳиссиётларни туймоқдаман. Ҳисоб 1:1 бўлиб турганида, ҳакамлар шубҳали қарорлари билан «Реал»га ёрдам бериб юборишди. Шундан кейин ҳам асосан биз ҳужум қилдик, аммо хато қарорлар барибир таъсирини кўрсатди.
«Реал» бу тўқнашув фаворити эди, чунки у 4 та мавсумнинг 3 тасида бош совринга эга чиқди. Шундай бўлса ҳам, бизда навбатдаги босқичга йўл олиш имконияти сақланиб турибди.
Унаи Эмери, «ПСЖ» бош мураббийи
Париждаги жавоб ўйини 6 март куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)