Футболчи Ю Кубоки Ўзбекистонга визасиз киритилган илк японияликка айланди, деб ёзди «Championat.asia» нашри. У Тошкентга «Нефтчи» сафида кўрикдан ўтиш учун ташриф буюрганди.
Ю Кубокини Тошкент халқаро аэропортида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг ўзи кутиб олган. Япониялик меҳмонга аввал миллий тўн кийдирилган. Кейин эса сувинер ҳамда Ўзбекистонни эслатиб турувчи махсус совғалар улашилган.
Шу йилнинг 2 февраль куни Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини ривожлантириш учун қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолаган бўлиб, унга кўра 2018 йилнинг 10 февралидан эътиборан Туркия, Япония, Корея Республикаси, Малайзия, Индонезия, Сингапур ва Исроил фуқаролари 30 кун давомида мамлакат ҳудудида визасиз ҳаракатланиш имконига эга бўлиши кўзда тутилганди.
Мана шу қарор кучга кириши билан Ю Кубоки ўзи ҳам билмаган ҳолда Тошкентга келган илк японияликка айланди. «Нефтчи» уни ўз сафига қўшиб оладими ёки йўқ — ҳозирча маълум эмас.
Изоҳ (0)