Бугун — 1 февраль куни футзал бўйича Осиё Чемпионати старт олади. Унда Баҳодир Аҳмедов мураббийлигида Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этади. ЎФА жамоа олдига чемпион бўлиш вазифасини қўйиб, уларни Хитой Тайпейи мамлакатига кузатиб қўйганди.
Ўзбекистонлик футзалчилар ўз гуруҳида Япония, Тожикистон ва Жанубий Корея термалари билан тўқнаш келади. 1-турда кореяликларга қарши залга чиқадиган ўзбекистонлик футзалчилар иштирокидаги ўйин Sport-TV орқали жонли намойиш қилинади. Беллашув Тошкент вақти билан 13:30 да старт олади. Параллел ўйинда эса Япония футзалчилари Тожикистон термасини синовдан ўтказади.
Икки йил аввал Осиё Чемпионатига Тошкент мезбонлик қилган бўлиб, унда Ўзбекистон термаси финалга қадар етиб борган ва ҳал қилувчи ўйинда Осиё гегемони бўлган Эрондан 1:2 ҳисобида енгилганди. Ўша натижа сабаб Ўзбекистон футзал терма жамоаси ўз тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритганди.
2017 йил якунида Ўзбекистон футзал ассоциацияси бекор қилиниб, у Ўзбекистон футбол ассоциацияси таркибига киритилган.
Изоҳ (0)