Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари йирик миқдордаги ўғрилик ҳодисасини фош этди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.
«21 январь куни соат тахминан 19:30 ларда номаълум шахс Чилонзор тумани ҳудудида жойлашган дўконда Алимов Асомжон Асраровичнинг эркаклар сумкаси ва унинг ичида бўлган 5500 доллар, 330000 сўм миқдоридаги пул маблағларини, шунингдек А.А. Алимовнинг муҳим шахсий ҳужжатларини эгаллаб олиб, жиноят жойидан яширинган», — дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми «б» банди (ўғрилик, яъни анча миқдорда ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш) ва 227-моддаси 2-қисми «а» банди (муҳим шахсий ҳужжатларни эгаллаш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида мазкур жиноятни 1974 йилда туғилган Уразов Маҳмуд Пулатович содир этганлиги аниқланган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган бўлиб, фамилияси ва исмининг ҳар қандай ўхшашлиги тасодифий характерга эга.
Изоҳ (0)