31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.
Йиғилишда мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва ўзгаришлар жараёнида прокуратура органлари томонидан қилинаётган ишлар ва улар олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари прокуратура органлари олдида турган устувор вазифалар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Прокуратура органлари ходимлари ислоҳотларни самарали амалга оширишда ўзларининг бор салоҳияти, билим ва тажрибасини сафарбар этиши зарурлиги таъкидланди. Қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорларнинг амалий ижросини сўзсиз таъминлаш прокуратуранинг энг муҳим ва долзарб вазифасига айланмоғи лозим.
Йиғилиш иштирокчиларининг эътибори фаровон ҳаёт асоси бўлган тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хорижий инвесторларнинг мамлакатда эркин фаолият юритиши учун шароитлар яратиш прокуратура органлари томонидан кафолатланиши зарурлигига қаратилди.
Шавкат Мирзиёев йиғилишни якунлар экан, прокуратура ходимлари юқори касбий малака ва юксак инсоний фазилатлари билан давлат органлари хизматчиларига ўрнак бўлиши, ҳамиша адолат ва қонунийлик ҳимоясида туриши лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Олдинроқ хабар қилинганидек, Президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Отабек Муродов Бош прокурор этиб тайинланди.
Изоҳ (0)