Хитойнинг Чунцин шаҳрида 10 ёшли бола бошчилигидаги болалар гуруҳи дилерлик маркази автомобиллар тураргоҳида турган 30 та янги электромобилга шикаст етказди. Зарарнинг умумий суммаси 31 минг долларни ташкил этди. Бу ҳақда Channel NewsAsia хабар бермоқда, деб ёзади «Мотор».
Январь бошида маҳаллий автомобиль сотувчилардан бири полицияга мурожаат қилиб, унинг автомобиллар тураргоҳида ўттизта автомобилга шикаст етганлигини маълум қилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳафта давомида юз берган ҳодисани ўрганди ва бунга ўн ёшли бола алоқадор эканлигини аниқлади.
Қўлга тушган бола ўйнаш учун тураргоҳга боришни ёқтирганлигини билдирди. У ердаги автомобиллар очиқ ва калити ҳам борлигини аниқлаган бола машиналардан бирини ҳайдаш учун олган. Унинг сўзларига қараганда, у автомобиль ҳайдашни катталарга қараб ўрганган.
Шундан сўнг у тураргоҳга дўстларини чақириб, уларга автомобилларни бошқаришни кўрсатган ва улар бирга ўйнаган. Ўйинлардан бири автомобилларни бир-бири билан тўқнаштиришни кўзда тутган.
Дилер болаларнинг ота-онасидан етказилган зарарни ундиришни талаб қилиш ниятида. Болалардан ҳеч бири электрокарлар билан ўйнаш давомида жабрланмаган.
Изоҳ (0)