Қозоғистон Афғонистонда терроризм муаммосини ҳал этиш учун тезкор чоралар қабул қилишга чақирди. Бу ҳақда Kazakhstan Today хабар бермоқда.
«Қозоғистон кўп сонли тинч аҳоли, жумладан, хорижий фуқаролар ўлимига сабаб бўлган Кобулдаги Intercontinental меҳмонхонасига террорчилик ҳужумини кескин қоралайди. Қозоғистон Афғонистондаги терроризм муаммосини тубдан ҳал этиш учун тезкор, кечиктирилмайдиган чоралар қабул қилиш зарур эканлигини маълум қилади. Қозоғистон Афғонистоннинг барча сиёсий кучларини миллий ярашув бўйича музокараларни бошлашга чақиради», — дейилади Қозоғистон ТИВ баёнотида.
Ҳужжатда Қозоғистон БМТ Хавфсизлик кенгаши раиси сифатида Афғонистондаги вазиятни нормаллаштириш, терроризмни бартараф этиш ва мамлакатни қайта тиклаш учун ҳар томонлама кўмак кўрсатишда давом этиши таъкидланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кобулдаги меҳмонхонага ҳужумда Қозоғистоннинг 1978 йилда туғилган фуқароси ҳалок бўлганлиги маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)