1 февралдан Тошкентнинг бир қанча боғчаларига тайёр овқатлар етказиб берилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тажриба сифатида бир нечта мактабгача таълим муассасаси танлаб олинган. Тадбиркорлик субъектларининг ҳам сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни боғчаларга етказиб беришдаги таклифлари ўрганилмоқда.
Тайёр овқат боғчага қандай тартибда етказилади? Бу саволга вазирликнинг мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўлими бош мутахассиси Азиз Алиев шундай жавоб берди:
«Аслида бу амалиёт дунёнинг кўплаб мамлакатларида бор. Бизда тажриба тариқасида Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан тегишли талабларга жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш тўғрисида тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилди».
Тайёр овқатлар мактабгача таълим муассасида болаларнинг овқатланиш соатлари тартибига қараб иссиқ етказилади. Ҳар бир жўнатма, овқат таркиби, сифати, порциясини вазирлик тузган комиссиялар назорат қилиб боради. Шунингдек, тайёр овқатлар бир марталик ишлатиладиган махсус идишларда ҳар бир бола учун алоҳида қадоқланган бўлади.
Изоҳ (0)