WSB анъанавий тарзда ўтказиб келаётган бокс бўйича клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатининг 8-мавсуми старт олиш арафасида турибди.
Ўзбекистон бокс федерациясининг «Дарё»га маълум қилишича, мусобақада кетма-кет учинчи бор Uzbek Tigers жамоаси иштирок этади. Ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари WSB таснифидаги илк иштирокда ярим финалга қадар етиб бориб, бўлажак чемпион — Кубанинг Cuba Domadores жамоасидан енгилганди. 2017 йилда эса мазкур икки рақиб чорак финалдаёқ тўқнаш келиб қолди ва унда ҳам икки тўқнашув натижасига кўра, кубаликлар устун келди.
2018 йилга келиб Uzbek Tigers кубалик боксчилар билан гуруҳ босқичидаёқ тўқнаш келадиган бўлди. Турнирда жами 12 та мамлакат клублари иштирок этади. WSB Россия, Хитой, Қозоғистон ва Ҳиндистон термаларини Осиё минтақасига ажратиб чиқди. Ўтган мавсум ўзбекистонлик боксчилар худди шундай гуруҳда Ҳиндистоннинг ўрнида иштирок этганди.
Европа зонасини эса Хорватия, Франция, Буюк Британия ҳамда Италия термалари ташкил қилди. Ўз-ўзидан Uzbek Tigers Америка минтақасига тушиб қолди. Бунда жамоа Куба, Венесуэла ва Колумбия жамоалари билан уй-сафар тизимида рақобат ҳосил қилади.
Режага кўра, турнирнинг 1-тур беллашувлари 2—3 февраль кунлари ўтказилади.
Изоҳ (0)