«Манчестер Юнайтед»даги фаолияти орқали жаҳон футболи юлдузига айланган Райан Гиггз Уэльс терма жамоаси бош мураббийига айланди. Бу ҳақда мамлакат футбол ассоциацияси расмий сайти маълумот тарқатди.
Гиггз Уэльс терма жамоаси билан 4 йиллик келишувга имзо чеккан. Унга кўра, 44 ёшли мутахассис уэльсликлар билан Европа Чемпионати саралашида иштирок этади ва жамоасини Қатар—2022 мундиали учун тайёрлаб боради.
Уэльс терма жамоасини 2012 йилдан буён Крис Коулман бошқариб келаётганди. Унинг раҳбарлигида уэльсликлар Евро—2016 да муваффақиятли иштирок этди ва ярим финалга қадар етиб борди. Бироқ ЖЧ—2018 саралашида Уэльсдан омад юз ўгирди. Гуруҳни Сербия пешқадам сифатида якунлади, иккинчи бўлиш Ирландияга насиб қилди. Уэльс эса 4 та ғалаба, 5 та дуранг ва биргина мағлубият билан Россия мундиалидан четда қолди.
«Юнайтед» асосий таркибига 1990 йилда қабул қилиниб, 2014 йилга қадар «манкунианлар» билан бирга бўлган Гиггз жами 672 та учрашувда иштирок этган ва 114 та гол уришга эришган. Уэльс термасидаги 64 та ўйинида эса 12 та гол уришга муваффақ бўлган. Гиггз термага илк бор 1991 йилда жалб этилганди. 2007 йилга келиб эса у бош жамоа билан хайрлашишга қарор қилган. Мураббий сифатида эса асосан ёрдамчи бўлиб келаётганди. Уэльс бу борада унинг учун илк жиддий топшириқ бўлди.
Изоҳ (0)