Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбари ўзгарди. Бу ҳақда МОҚнинг 16 январь, сешанба куни ташкил этилган навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов ассамблеясида қатнашган «Дарё» мухбири маълум қилди.

Алишер Султонов ва Умид Аҳмаджонов.
Фото: «Газета.uz», «Championat.asia»

Хабар беришларича, шу кунгача қўмитага раҳбарлик қилиб келган Алишер Султонов бошқа ишга ўтгани муносабати билан МОҚ раислигидан озод этилган.

Ассамблеяда қатнашган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг сўзларига кўра, МОҚқа раис этиб сайланган вақтида Султонов фақат «Ўзбекнефтгаз» раҳбари эди, бироқ ҳозирга вақтда у ҳукуматдаги энг катта комплексга масъул.

«Экспортнинг ярмидан кўпи Алишер Аббосович раҳбарлигидаги соҳага тааллуқли. Шундай экан, МОҚни ҳам унинг зиммасига юклаб қўйсак, адолатдан бўлмайди», — деган Ўзбекистон бош вазири.

Сўзга чиққан Алишер Султонов 2017 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берган ва ассамблея қатнашчиларининг гулдурос қарсаклари остида кузатиб қўйилган.

Алишер Султонов ўрнига шу вақтгача Ўзбекистон Футбол Федерациясига раҳбарлик қилиб келаётган Умид Аҳмаджонов бир овоздан Миллий олимпия қўмитаси раиси этиб сайланган.

Бундан ташқари, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби ҳам ўзгарган — шу вақтгача Ойбек Қосимов ишлаб келган лавозимни Жасур Матчонов эгаллаган.