Бу йил 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни ажойиб тарзда нишонланганига гувоҳ бўлдик. Йирик шаҳарларда уюштирилган парадлар ва бошқа тадбирлар санага тантанавор руҳ ва ҳаётийлик бағишлади. Лекин мана шундай кунларда ҳам ижтимоий тармоқларда дилни хира қиладиган ҳолатларга дуч келдим. Бу сафарги можарода сизу биз каби оддий фуқаро эмас, зиммасига жиддийроқ масъулият юкланган депутат иштирок этди.
Алишер Кадиров Олий Мажлис депутати сифатида 2017 йили кўзга кўринган эди. Халқаро пресс-клуб йиғилишларида, «Муносабат» ток-шоусида турли масалаларда, жумладан, ўзбек тили, тунги клублар, Боровский коллежидаги фожиа ҳақида билдирган дадил ва замонавий фикрлари туфайли эътирофга сазовор бўлган эди. Мана шундай умидли арбобнинг бу каби можарога аралашиб қолиши энг ажабланарлиси бўлди.
Бошидан бошлайлик. Байрам муносабати билан турли гуруҳларда ва саҳифаларда табриклар ёғилаётган пайтда Facebook’даги «Раис бува» саҳифаси ҳазиллашишга қарор қилди ва қуйидаги мазмунда пост эълон қилди:
Кейинроқ бошқа саҳифалар ва гуруҳлар, жумладан, Uzbek MDK саҳифаси ҳам Facebook ва Telegram орқали карикатурани қайтадан чоп этди.
Бу суратни ҳар ким турлича талқин қилди: кимдир киноя кўрган бўлса, яна кимдир «деҳқонча» ҳазил ўлароқ қабул қилди. Лекин Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати, Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Кадиров бошқачароқ фикрга келди: унга кўра, бу беозор ҳазилда «диверсия» бор экан:
Алишер Кадиров «Халқ овози» гуруҳида қолдирган бу постинг жиддий баҳсларни келтириб чиқарди. Кўпчилик «диверсия» нимада эканлигини тушунмаганини тан олди, яна баъзи бировлар депутатга ҳар ердан фитна қидирмасликни, яхшиси депутатлик ишлари билан банд бўлишни тавсия қилди.
«Ўзбекни кетмонга миндириб учирган машҳур кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов бўлади. Ўзбекни зимдан ‘таҳқирлаган’ бўлмасин, унинг ҳам авлодини бир суриштириб кўринглар, ўртоқ ‘ватанпарварлар’», — деб ёзади фойдаланувчилардан бири Шукуржон Исломов.
«Пашшадан фил ясаманглар. Худди бирор нарсани ўзгартира оладигандек», — таъкидлайди яна бир фойдаланувчи.
Бундай гаплардан сўнг Алишер Кадиров эътироз билдирувчилар билан қизғин мунозарага киришиб кетди, танқидий фикр билдирганларни «хоинлик»да ва «жамиятга фойда келтирмаслик»да айблай бошлади. Айниқса унинг ўзбек сиёсатшуноси, шу кунларда АҚШда Bilig Brains лойиҳаси таҳлилчиси сифатида фаолият юритаётган Рафаэль Сатторов билан баҳси кескин тус олди: депутат ёш мутахассисни «хиёнат»да, «ватанга душман»ликда, ўзбек тилини билмасликда айблади:
Тан олиш керак, унинг тарафдорлари ҳам, оппонентлари ҳам қолишмади, натижада гуруҳда хунук ва ҳақоратларга бой баҳс юзага келди.
Кейинроқ у ўз саҳифасида алоҳида постинг билан чиқиб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети битирувчиларини (Рафаэль Сатторов ҳамда баҳснинг яна бир иштирокчиси Аваз Тоҳиров — университет битирувчилари) «бешинчи колонна»ликда, «қочоқ»ликда, «ялоқхўр»ликда айблади:
Очиғи, катта лавозимда ўтирган, республиканинг маънавий қиёфасини шакллантиришда муҳим ўрин тутадиган амалдорнинг Facebook’да ўзини бу тарзда тутиши мени ҳайрон қолдирди.
Аввало, таъкидлаб ўтиш керакки, фақат мақтов ёғдириб «очко» ишлаш, озгина танқидий фикр билдирганларни хоинга, халқ душманига чиқариб, овозини ўчириш замони аллақачон ўтиб кетди: Президент ўз чиқишларида ўринли танқид муҳимлигини ва ҳатто зарурлигини кўп бора такрорлади. Илгари шу турдаги одамлар томонидан «четда юрган душманлар» деб эълон қилинган BBC Ўзбек хизмати, «Америка овози» каби медиа воситалари ҳам аслида душман эмаслигини билдик. Мамлакатнинг расмий агентликлари-ю, йирик ахборот воситалари ҳам танқидий чиқишлар қиляпти. Лекин бир гуруҳ одамлар бор эканки, улар ҳали ҳам эски замонда яшаётган экан ва эски услубларда ишлашга уринаётган экан.
Иш борки, камчилик албатта бўлади, фуқароларнинг, мутахассисларнинг, журналистларнинг вазифаси — ана шундай камчиликларни ошкор этиш, уларнинг бартараф этилишига эришиш. Устига гард юқтирмайдиган, камчиликларга кўз юмиб, чиройли сўзлар айтишни жойига қўядиган айрим масъуллар буни ҳали тушунмаган кўринади. Ўзбекистоннинг келажаги бўлган ёш мутахассисларни ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги икки-учта камчиликни айтгани учун хиёнатда айблаш, эркин фикрни бўғишга интилиш халқнинг олий ҳокимиятдаги вакили бўлмиш депутатга ярашадиган ишми?
Иккинчидан, Рафаэль Сатторов ва бошқаларнинг нуқтаи назари нотўғри ҳам дейлик. Шунда ҳам савол туғилади: депутатнинг, сиёсатчининг этикаси, касбий одоби қаерда қолди? Мамлакатнинг олий ҳокимият органи бўлмиш Олий Мажлис аъзоси ўзини ниҳоятда босиқ ва маданиятли тутиши, очиқ ихтилофларга бормаслиги, ҳатто ҳақиқий «хоин»лар билан ҳам сўкишиш даражасида баҳслашмаслиги зарур эмасми?
Бу борада Рафаэль Сатторовнинг фикрларини олдик:
Тан олиш керакки, мамлакатда ўзига хос инсонлар категорияси шаклланиб қолганки, улар ижтимоий ҳаётнинг кўп соҳаларида ўрнашиб олган: маориф соҳасида, ОАВда, ҳатто ҳокимият органларида. Икки ўн йиллик давомида улар фикрлаш ва ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиш қобилиятини йўқотиб, хушомадгўй ва замонасозга айланиб қолди. Улар доимий равишда ва оммавий тарзда олий қадриятлар ҳақида гапиради, лекин бу қадриятларнинг асл моҳияти ҳақида ҳеч нарса билмайди, ёки ҳеч қандай қадриятларга эга эмас. Бу одамлар ахлоқ-одоб, ватанпарварлик, маънавият, менталитет каби олий қадриятларни ўз монополияси деб билиб, уларни ҳам ўз йўлига солиб, тўғри-нотўғрига ажратиб олдики, бу борада бироз фарқли фикр билдирганларни четга суриб чиқариб қўйишга уринади. Шу қадриятларни ҳимоялаш баҳонасида улар ўта ғазабли ва тажовузкор шаклда бошқа қарашларни йўқ этишга ҳаракат қилади.Алишер Кадиров билан ҳозирча боғланишнинг имкони бўлмади. Сўровга жавоб бериши билан унинг муносабати ҳам эълон қилинади.«Миллий тикланиш» партияси депутати Алишер Кадиров бундайларга мисол бўла олади: у бир ҳазиломуз карикатурани деб оламшумул шовшув кўтарди, унда жиддий таҳдид ва ҳатто Ўзбекистонга қарши фитна кўрди. Бошқа мамлакатда унинг феълига психолог қизиқиш билдирган бўлар эди, аммо биз Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг ахлоқ қўмитасига умид қилиб турибмиз — у жаноб Кадировнинг ўта тажовузкор оҳанги, оддий фуқароларга нисбатан туҳматини кўриб чиқиши зарур.
Ростини айтганда, депутатнинг, Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг бундай реакцияси мени ҳайрон қолдирди. Оммавий майдонда бундай ҳақоратли оҳангни ҳали учратмаган эдим. Шунчаки тадқиқот иши юзасидан вақтинчалик АҚШда бўлиб турганим учун у мени «ватанни сотиш»да айблади. Шунингдек, ўзбек тилида ёзмаганим учун мени «оқпадар» деб эълон қилди.
Бу нимадан далолат? Афсуски, узоқ йиллар мобайнида мамлакатда у ёки бу ижтимоий тенденцияларнинг нотўғри талқини шаклланиб қолган. Масалан, амалдор ўзини автоматик тарзда ватан тимсоли сифатида кўради, агар уни танқид қилсанг, демак, ватанни сотганга чиқариласан. Бу каби тасаввурлар анча чуқур илдиз отган, уларни йўқотиш учун журналистлар, жамоат вакиллари ва зиёлилар оғир меҳнат қилиши лозим бўлади.
Янгиланиш: Мақола чоп этилгач, Алишер Кадиров сўровга жавоб берди, лекин кенг изоҳ беришдан бош тортди. Унинг қисқа муносабатини келтириб ўтаман:
Мен 14 январь — Ватан ҳимоячилари кунига Uzbek MDK ахборот ресурсининг ватан ҳимоячиларига энг яхши совга сифатида кетмонни беришини ҳақорат деб ҳисоблайман. Бу менинг фикрим.
Рафаэль Сатторов ҳақидаги фикрларимни сизнинг нохолис шарҳингиздан келиб чиқиб сиз билан муҳокама қилмасликка қарор қилдим. Ушбу мавзуда ижтимоий тармоқлар орқали фикримни кузатиб боринг.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)