ЎзА Тошкентдаги Минор жоме масжиди ҳақидаги маълумотлар билан бўлишди.

Фото: ЎзА

Масжид 2014 йил октябрь ойида, Қурбон ҳайити арафасида очилган. Бу ерда илк катта ҳайит намози ўқилди.

Масжидга «Минор» номи берилиши унинг шу номли маҳаллада жойлашганлиги сабаблидир. «Минор» аслида арабча «манор» сўзидан олинган бўлиб, «маёқ», «баландлик» каби маъноларни англатади. Мазкур маҳалла кексаларининг айтишича, қадимда бу маҳалла шаҳарнинг бошқа қисмларига нисбатан баландликда жойлашган.

Масжиднинг бош биноси – икки қаватли хонақоҳ, иккита пештоқ, иккита минора ва бир гумбаздан иборат. Ўнг ва чап айвонлардаги тўққиз донадан ўн саккиз дона устунлар, масжиддаги турли ўлчамдаги ўттиз бир дона Бук дарахтидан ясалган эшиклар ёғоч ўймакорлик намуналари асосида ишланган.

Масжид меҳробининг ўнг томонида «Аллоҳ», чап томонида эса «Муҳаммад» исмлари моҳирлик билан хаттотлар томонидан ёзилган. Меҳробнинг ён томонларида Қуръони Карим «Бақара» сурасининг 285—286-оятлари ёзилган.