Америка Twitter’ида янги нарса — «твитдекинг» пайдо бўлди, деб ёзади Afisha Daily. Фойдаланувчилар ўз ретвитларини реклама агентликларига сотиб, бундан минглаб доллар орттирмоқда.

Фото: EPA

Tweetdeck дастури ёрдамида фойдаланувчилар махфий гуруҳ чатларини яратади. Уларнинг иштирокчилари сони бир неча юз нафаргача етиши мумкин, улар асосан ўсмирлардан иборат бўлади. Чатларда топшириқлар эълон қилинади, масалан, муайян қайдни ретвит қилиш ҳақида. Топшириқни бажарганлик учун тахминан 5 доллар мукофот пули тўланади. Бундай кампанияларга таниқли брендлар ва ҳатто машҳур кишилар ҳам мижозлик қилади.

Иштирокчилар твитдекингдан ҳеч қандай куч кеткизмасдан 5—10 минг доллар ишлаб топиш мумкинлигини айтмоқда. Бундай найранглар ижтимоий тармоқ қоидаларини бузади, шу сабабли твитдекерлар аккаунтлари кўпинча Twitter кўмак маркази томонидан блоклаб қўйилади.