Pew Research тадқиқот компанияси прогнозига кўра, 2050 йилга келиб, АҚШда мусулмонлар диндорлар сони бўйича насронийлардан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди, деб ёзади «Коммерсантъ».

Фото: Depositphotos

Айни пайтда АҚШда кенг тарқалганлик бўйича иккинчи ўринда яҳудийлик дини жойлашган, мусулмонлар сони эса 3,5 миллионга яқин бўлиб, бу бутун АҚШ аҳолисининг тахминан 1 фоизи демакдир. 2007 йилда ўзини мусулмон деб атаган АҚШ фуқаролари сони 2,4 миллион бўлган. Ўсиш шундай суръатда давом этса, 2050 йилга келиб, улар яҳудийлардан ҳам кўпайиб кетади.

АҚШдаги мусулмонлар сони 8,1 миллион киши ёки умумий аҳолининг 2,1 фоизига тенг бўлиши прогноз қилинмоқда. Яҳудий аҳоли улуши эса барқарор бўлиб, ҳозирда қарийб 1,9 фоизга тенг. АҚШда насроний аҳоли сони 2050 йилда 261 миллион кишига етиши кутилмоқда.

АҚШда мусулмон аҳоли сонининг ўсиш суръати юқори эканлигини Pew Research экспертлари ислом дини вакиллари орасида туғилиш даражаси ва АҚШга мусулмонлар иммиграцияси даражаси юқори эканлиги билан изоҳламоқда. Ҳозирданоқ исломга эътиқод қилувчи АҚШ фуқароларининг 75 фоизи муҳожирлар ёки муҳожирлар оиласи аъзолари ҳисобланади.