Хонанда Отабек Муҳаммадзоҳид тўйларда ярим-яланғоч кийиниб рақсга тушаётган раққосаларни қаттиқ танқид қилди. Хонанда бу масалага журналист Феруз Муҳаммадга берган интервьюси давомида тўхталиб ўтди.

Фото: «Дарё»

Хонанданинг сўзларига кўра, Фарғона водийсидаги иккита тўйда у айниқса кўп асабийлашган, раққоса қизлар сабаб тўйда хизмат қилишдан ҳам бош тортган.

Фарғонада иккита тўйда жуда қаттиқ асабим бузилди. Фарғонада тўйга борсак, хонанда ака-укаларимиз, куттирмасдан дарров навбат беришади. Бир тўйда 5—10 дақиқа чой ичиб ўтиргим келди. Шу жойда бир рақс гуруҳига навбат беришди. Ҳалигилар арабча, ярим-яланғоч кийимларни кийиб, «Лазги»га рақсга тушиб кетди. Рақс тугаши билан, ҳеч ким эълон қилишини ҳам кутмай, микрофонни шартта олдимда: «Ким чақирди буларни, қани бу гуруҳнинг раҳбари?», дедим.

Гуруҳ раҳбари ёшгина бир қиз экан. Ўтирганларга қараб: «Сизларга ҳам ҳайронман, ким сизларни ўзбек дейди? Ҳозир шу ярим-яланғочларга қарсак чалдиларинг-а? Буларни нимасига қарсак чалдингиз?! Ярим-яланғоч кийимда ‘Лазгиъга рақсга тушишга ким рухсат берган?!», — дея, гапирадиган гапимни гапириб, «Бунақа тўйда қўшиқ айтмайман», деб чиқиб кетдим.

Яна бир тўйда худди шунинг давоми бўлди. Кўплаб аёллар, ҳожи-оналар ўтирган тўйда қўшиқ айтаёцам, ярим-яланғоч тўрт қиз «Тезроқ тугатинг, биз рақсга тушимиз керак», деган маънода олдимга туриб олди. «Ўтир!», — дедим ҳалигиларга. Кайфиятим тушиб кетиб, «Буларни ким чақирган? Мен эркак бўлиб буларга қарашга уяляпман. Кимга керак шунақа нарсалар? Бу ҳаёсизлик ўзбекчилигимизга ярашадими?», — дея ўша даврадан ҳам чиқиб кетдим.

Отабек Муҳаммадзоҳид, хонанда

Хонанданинг таъкидлашича, у рақсни, «ўзини сақлаб» юрган таниқли раққосаларни ҳурмат қилади, лекин тўйлардаги ярим-яланғоч чиқишлардан норози.

Бўлаётган ишларни кимдир барибир гапириши керак-да, буларга барчамиз кўз юмиб кетаверсак, аҳвол қачон яхшиланади?! Шаҳарлардаги тўйларга раққоса қизлар чақирилмоқда, улар арабча кийимларда, қўпол қилиб айтганда — ярим ялонғоч, очиқ кийимларда рақсга тушмоқда. Тўйдаги аёллар, эркаклар эса бефарқ — уларга қарсак чалиб, бу ҳолни оддий қабул қиляпти.

Таниқли раққоса қизларимизни яхши биламан. Ўтириб гаплашсангиз, уларнинг фикларлари ниҳоятда гўзал, ўзини сақлаб, нари борса концертларда, клипларда рақс тушиб, шу билан кифояланиб юрибди. Ўша раққосаларни ҳурмат қиламиз. Қиз бола мисоли гул, ниҳол бўлса, ўзларини қадрига етмайдиган жойларга бориб, рақсга тушиш нима учун керак? Майли, рақсга тушганда ҳам ўзбекча рақсларга, ёпиқ кийимлар билан тушса бўлмайдими?

Отабек Муҳаммадзоҳид, хонанда