Ўзбекистон интернет тезлигини тўрт баробарга ошириш ва тармоққа уланиш нархларини пасайтириш учун ташқи интернет каналларига уланади. Бу ҳақда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Олимжон Умаров 11 январь куни «Тараққиёт стратегияси» марказида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz».
Унинг сўзларига кўра, рақобат муҳити бўлмагани сабабли интернетга уланиш нархлари жуда юқори бўлган. Ҳозирда Ўзбекистон Қозоғистон ва Россия орқали ўтувчи шимолий интернет-каналларига қарам.
«Президент қўшимча муқобил каналлар очиш вазифасини қўйди. Ҳозирда биз жанубий йўналиш — Туркманистон ва Эрон, Қирғизистон ва Хитой орқали (уни ташкил этиш) масаласини ишлаб чиқмоқдамиз», — деди Олимжон Умаров.
Йил охирига қадар танланган мамлакатлар миллий операторлари билан каналларни сотиш ва ижарага олиш бўйича битимларни имзолаш режалаштирилмоқда.
«Бу шимолий йўналишдан воз кечишимизни англатмайди, шунчаки аҳоли эҳтиёжларини қоплаш мумкин бўлган қўшимча каналлар очилади», — деди вазир ўринбосари.
Мавжуд каналларнинг сақланиши ва янгиларига уланиш нафақат интернет тезлигини ошириш, балки унга уланиш нархларини пасайтириш, рақобат муҳитини яратишга имкон беради, деб таъкидлади Олимжон Умаров.
Изоҳ (0)