9 январь куни Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан ташкил этилган «Ёшлар Пресс клуби»нинг илк сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «KRuz.uz» хабар бермоқда.

Фото: «KRuz.uz»

«Ёшлар Пресс клуби»нинг биринчи сессиясида Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Кенесбай Нурабуллаев Қорақалпоғистонда рўй берган жиноятчилик ҳақида маълумот бериб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикасида 2017 йилда жиноятчилик 2016 йилга нисбатан 17 фоизга камайди. Яъни ўтган йили жиноятлар сони 595 тага камайишига эришилди. Бу албатта Ёшлар иттифоқи ва ҳамкор ташкилотлар билан алоқалар яхши йўлга қўйилганининг ҳам натижаси деб ҳисоблаймиз. Бироқ жиноятнинг умумий сони 17 фоизга камайди деб мақтана олмаймиз, бу жуда кам. Сабаби хотин-қизлар орасида менталитетимизга тўғри келмайдиган жиноятларнинг содир бўлиши ҳам яхши эмас. Ёшлар орасида 806 жиноят юз берди. Бу жиноятларда 947 нафар ёшлар иштирок этган. Айрим жиноятларни 2—3 киши бўлиб, бирга содир этишяпти. Бу ҳали бизларнинг ишларимизда камчиликлар бор эканлигини англатади.

Яна битта камчилигимиз — ҳар хил йиғилишларга борсак, энг фаол ўқувчи ва талабалар ўша йиғилишларда иштирок этишади. Бироқ яхши ўқимайдиган, кўчада вақтини кўп ўтказадиган ёшлар бундай учрашувларга кам жалб этилмоқда. Биз ҳар бир ёш билан учрашиб, улар билан тушинтириш ишларини олиб боришимиз керак.

Кенесбай Нурабуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи